Маънавият ва маърифат марказимиз Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019-йил 7-февралдаги "Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг Маънавий-маърифий фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-4163-сон қарори асосида ташкил этилган. Давлатимиз раҳбари томонидан юқори малакали, ҳарбий-ватанпарварлик бурчига садоқатли, фидойи ва жасур ҳарбий хизматчиларни тарбиялаш масалалари Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги ва ҳудудий яҳлитлигини ҳимоя қилишнинг муҳим шартларидан бири сифатида белгилаб келинган. 2018 йилда Вазирлар Маҳкамаси томонидан ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш концепцияси тасдиқланди. Уни амалга ошириш чора-тадбирлари дастурида ёшларни миллий ғоя ва Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш борасида кенг кўламли ишлар кўзда тутилган.Бундан кўзланган мақсад, мамлакатимиз ёшларининг қалбига Ватанни ҳимоя қилиш ҳақиқий ватанпарварнинг шарафли ва муқаддас бурчи эканлигини сингдиришдир. Шу мақсадда ёшларда давлатимиз мустақиллиги ва равнақи учун фидокорона курашган тарихимиз ва маданиятимиз қаҳрамонлари билан фахрланиш туйғусини уйғотиш, уларга муносиб ворис тарбиялаш ҳамда армиямизнинг куч ва қобилиятига ишончни мустаҳкамлашга қаратилган тадбирлар ўтказилмоқда.Айниқса, Ватан муҳофазасини ўз касби сифатида танлаган ўғил-қизларимизда, армиямиз жисмоний ва маънавий жиҳатдан тайёр ёшларга муҳтожлигини ва Ватанни ҳимоя қилиш Ўзбекистон фуқароси учун муқаддас бурч эканлигини шакллантириш вазифалари долзарбдир. Миллий гвардия ҳарбий хизматчи ва ходимлари жаҳон ҳамда минтақавий жараёнларни баҳолашда доимо миллий манфаатларимиздан келиб чиқиши муҳимдир.Бунинг учун эса улар турли ички ва ташқи таҳдидларга қарши мафкуравий иммунитетга эга бўлиши, ҳар қандай вазиятда тезкор ва мустақил қарор қабул қила олиши, ҳарбий-техник воситалардан унумли фойдалана олиши, нафақат ҳарбий соҳада балки бошқа соҳаларда ҳам Ўзбекистон манфаатларини ҳимоя қилишга доимо тайёр туриши зарур. Президентимизнинг 2018 йил 4-августдаги "Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг маънавий-маърифий савиясини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида"ги Фармонида юқори малакали, ҳарбий-ватанпарварлик бурчига садоқатли, фидойи ва жасур ҳарбий хизматчиларни тарбиялаш вазифалари аниқ кўрсатилган.Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўйича қабул қилинган Концепция асосида армия ва халқ бирлигини таъминлаш борасида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг кучайтирилиши миллий армиямиз сафларини кўникма ва касбий маҳоратга эга, мустаҳкам иродали ёшлар билан тўлдириш имконини бераётгани таъкидланган. Қисқа муддат ичида миллий армиямизни изчил ислоҳ қилиш, мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш, ҳар томонлама етук ҳарбий кадрлар тайёрлаш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.Шу билан бирга, Президент ўз фармонида мамлакатимиз ҳаётидаги ҳақиқий ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар билан ҳамоҳанг равишда ҳарбий хизматчиларнинг билим даражасини оширишда ҳали ҳам дуч келаётган муаммолар мавжудлигини,шунингдек, илм-маърифатга асосланган ҳаётий ва касбий кўникмалар, дунёда ва атрофимизда рўй бераётган ижтимоий-сиёсий жараёнларга миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда ёндашиш, ички ва ташқи таҳдидларга қарши мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлаш зурурлигини таъкидлади.Хусусан, олий ҳарбий таълим муассасаларида маънавий-маърифий йўналишда дунёқараши кенг бўлган офицерларни тайёрлаш, шунингдек, Қуролли Кучлар тизимида маънавий-маърифий ва маданий соҳани ташкил этиш учун зарур бўлган инфратузилма ҳам Фармонда белгиланган талабларга жавоб бермаганлиги келтирилиб, маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш бўйича давлат ва жамоат ташкилотлари билан самарали ҳамкорлик қилинмаганлиги айтиб ўтилди.Ушбу камчиликларни бартараф этиш ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари тизимида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини янада ошириш мақсадида Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари тизимида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш концепцияси ва Концепция қоидаларини амалга ошириш учун йўл харитаси тасдиқланди.
Концепциянинг асосий мақсади кенг дунёқарашга, мустаҳкам ишонч ва кучли иродага эга, маънавий бой ҳамда фидойи, аждодларимизнинг бебаҳо мероси асосида яшайдиган Ватан ҳимоячиларини баркамол инсон қилиб тарбиялаш, уларнинг дунёқарашини, мантиқий, ижодий ва таҳлилий фикрлаш доирасини кенгайтириш,мамлакат тақдири учун юқори масъулият каби муҳим сифатларни шакллантиришдир.
Концепцияда белгиланган вазифалар қуйидагилардан иборат:
ҳарбий хизматчиларга амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, қабул қилинган қонун ҳужжатлари, давлат дастурлари, уларнинг жаҳон ва минтақадаги глобаллашув жараёнларига онгли муносабати ва фаол ҳаётий позицияси, бурч, масъулият ва фидойиликни ошириш бўйича тизимли ва узлуксиз мулоқот;
буюк аждодлар ва жасур замондошлар ҳаётини кенг тарғиб қилиш, ҳарбий хизматчилар ўртасида "Ўзбекистон халқи ҳеч қачон, ҳеч кимга қарам бўлмайди" деган ҳаётий ғояни мустаҳкамлаш асосида миллий мероснинг тарихий илдизларини ўрганиш ва таҳлил қилиш;
ислом динининг асл моҳияти ва мазмунини чуқур тушунтириш орқали ҳарбий хизматчиларга меҳр-оқибат, меҳр-мурувват анъаналарини сингдириш, инсонпарварлик ва бағрикенглик туйғуларини шакллантириш, уларни миллий маданият ва қадриятларимизга ҳурмат, фидойилик ва ҳалоллик руҳида тарбиялаш, одоб-ахлоқ, мустақил фикрлаш ва соғлом турмуш тарзига тарғиб қилиш;
ҳарбий хизматчиларнинг эстетик тарбиясини ошириш, маданият ва санъатнинг турли соҳаларига қизиқишини кучайтириш, бунинг учун адабиёт, кино, театр, тасвирий санъат имкониятларидан тизимли асосда кенг фойдаланишни жорий этиш.
Шундай қилиб, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Маънавият ва маърифат марказининг ташкил этилиши маънавий-маърифий тадбирларни янада такомиллаштириш борасидаги кенг кўламли ишларнинг мантиқий давоми бўлди.
Маънавият ва интеллектуал салоҳиятни юксалтириш ҳамда дунёқарашни кенгайтиришда маърифат, маданият, санъат ва спортнинг нақадар муҳим аҳамият касб этиши инобатга олиниб, Миллий гвардия Маънавият ва маърифат маркази тузилмасида бир қанча йўналишлар бўйича тадбирлар амалга оширилмоқда. Санъат, спортнинг бир қатор турлари ҳамда IТ-технологиялари бўйича тўгаракларлар ташкил этилиб, ашула ва рақс ансамбли ҳамда маънавий-маърифий ишлар бўлим бошлиқлари мақоми Марказ раҳбарларининг муовинлари даражасига кўтарилди.