Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 33 йиллиги ҳамда 14 январь - “Ватан ҳимоячилари куни” муносабати билан “Янги Ўзбекистон армияси – мамлакат таянчи, халқимиз фахри!” шиори остида “Аскар оналарини шарафлаймиз!” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Дастлаб Миллий гвардия сафларида ўз йигитлик бурчини адо этиб келаётган муддатли ҳарбий хизматчиларнинг ота-оналари ва яқинлари ҳарбий оркестр садолари остида тантанали кутиб олинди.
Саф майдонида меҳмонлар эътиборига муддатли ҳарбий хизматчиларнинг қурол билан махсус саф усулларини бажариш ва қўл жанги бўйича кўргазмали чиқишлари ҳавола этилди.
Шундан сўнг, Республикамизнинг турли ҳудудларидан келган ота-оналар фарзандлари билан бир дастурхон атрофида тушлик қилиб, дилдан суҳбат қуришди.
Тадбирнинг иккинчи қисми Тошкент шаҳрида жойлашган “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасида давом этди. Унда Ўзбекистон Республикаси олимаси, фалсафа фанлари доктори, профессор Жамила Шермухаммедова, Ўзбекистон халқ артисти, меҳнат шуҳрати ордени соҳибаси Саида Раметова, таниқли ижодкорлар ҳамда Миллий гвардия Фахрийлар кенгаши аъзолари, муддатли ҳарбий хизматчилар ва уларнинг ота-оналари иштирок этишди.
Маросимда сўз олганлар бугунги кунда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар самарасида миллий армиямиз сафларида хизмат қилиш, юртимиз тинчлиги, халқимиз осойишталигини таъминлашга ҳисса қўшиш ҳар бир йигит учун юксак шон-шараф ишига айланганини алоҳида таъкидлашди. Кўзларида қувонч ёшлари, қалбида эса ғурур барқ ураётган ота-оналар бўлса, фарзандларининг эр-йигитлар қаторида халқимиз ва юртимиз тинчлигини ҳимоя қилаётганликларидан чексиз фахр ва ифтихор туйғусини ҳис этаётганлигини эътироф этишди.
Тадбирнинг бадиий қисмида Миллий гвардия Ашула ва рақс ансамбли хонандалари томонидан ижро этилган ватанни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар барчани хушнуд этди. Аскарларнинг оналари билан тушган рақслар эса тадбирга янада файз киритди.
Тадбир сўнгида ҳарбий қисм командири томонидан Ватанимизга содиқ, мард ва садоқатли йигитларни вояга етказгани учун оналарга миннатдорчилик билдирилиб, ташаккурномалар топширилди.
Шундан сўнг, тадбир иштирокчилари «Шон-шараф» давлат музейига ташриф буюриб, Иккинчи жаҳон урушида фронт ва фронт ортида жасорат кўрсатган ўзбекистонликлар ҳақидаги фото ва видео маълумотлар, уруш даҳшатини акс эттирувчи экспонатлар, фронтдан йўлланган мактублар, жанг майдонларидан топилган буюмлар ва тарихий ҳужжатлар билан танишишди.
Бўлишмоқ: