Янги Ўзбекистонимиз тараққиёти йўлида, тинчлик ва осойишталик посбонлари бўлмиш ёш офицерлар шарафли хизматга йўл олишди

26.Июн.2024

Ватанни асраш, уни ҳимоя қилиш — ҳар бир фарзанд учун муқаддас бурчдир. Бу бурчни адо этишга бутун вужуд, қалб, эътиқод билан чоғланиш, доимо сергак ва огоҳ бўлиш лозим.
Биз бугун Миллий гвардия Жамоат хавфсизлиги университетини муваффақиятли тамомлаб, Ватан ҳимоясига отланаётган уч юзга яқин мард ва жасур ўғлонларимизнинг, шу билан бирга, улар билан бир сафда турган таълим муассасасини илк қалдирғочлари бўлган Тўмарис қизларимизнинг кўзидаги қувонч ҳамда бахтга гувоҳ бўлмоқдамиз.
Университетнинг жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги бир нечта йўналишлари бўйича тамомлаган битирувчиларга бағишланган тантанали маросим жуда ҳам юқори шукуҳда бўлиб ўтди десак муболаға бўлмайди.
Тадбирга Миллий гвардия қўмондонлиги, Олий Мажлис Сенати суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмиталари, Республика Ҳарбий прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги масъуллари, фахрийлар ҳамда битирувчиларнинг оила аъзолари ташриф буюрди.
Дастлаб Давлат ва Миллий гвардия байроқлари ҳарбий хизматчилар томонидан саф майдонига тантанавор олиб кирилди.
Тадбирда сўзга чиққанлар сафда қад ростлаб турган офицер-кадрлар келгусида қандай лавозимларда хизмат қилишмасин, юксак масъулият, ҳалоллик ва камтарлик фазилатларини намоён этишларини, она Ватани, халқи ва Президентига бир умр содиқ қолишларини таъкидладилар. Шундан кейин битирувчиларга диплом ва кўкрак нишонлари тантанали равишда топширилди.
Тантанали маросимда қўмондон ўринбосари полковник С.Мамаюсупов томонидан, Миллий гвардия Қўмондонининг Университет битирувчиларини офицер деган шарафли номга сазовор бўлганликлари ва янги ҳаётга қадам қўяётганликлари муносабати билан йўллаган табриги ўқиб эшиттирилди. Шундан сўнг ҳарбий оркестр садолари остида Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси ижро этилди.
Шунингдек, маросимда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси депутатлари, фахрий меҳмонлар Университет битирувчилари ҳамда уларнинг ота-оналари сўзга чиқиб, ёш офицерларни унутилмас байрам билан самимий қутлашди.
Тантанали маросимнинг бадиий қисмида курсантлар кўргазмали чиқишлар намойиш этилиб, Жадид боболаримиз образини катта маҳорат билан саҳнада жонлантиришди. Қурол билан ҳамда Кинология хизматининг хизмат итлари билан чиқишлари иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Офицер-битирувчилар оркестр садолари ҳамроҳлигида “Миллий гвардиям”қўшиғини ижро этишди.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech