Бугун Миллий гвардия Тошкент шаҳар Қўриқлаш бош бошқармасида тизим ҳарбий хизматчи ва ходимлари, таълим муассасалари ўқувчилари, курсантлар, Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари иштирокида тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Шунингдек, маросимда Миллий гвардия қўмондонининг ўринбосари полковник С. Мамаюсупов, Республика Маънавият ва маърифат маркази “Маънавият” тарғиботчилар жамияти аъзоси, фалсафа фанлари доктори Ж.Шермухаммедова ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати М. Валиев ва - Маданият вазирлиги Концерт-томоша фаолиятини ривожлантириш бўлими бошлиғи Ф.Батировлар иштирок этди.
Даставвал давлат мадҳияси юксак фахр билан ижро этилди ва шундан сўнг, Миллий гвардия қўмондонининг тарбиявий ишлар, кадрлар ва ёшлар масалалари бўйича ўринбосари нутқ сўзлади.
У ўз нутқида давлатимиз Раҳбарининг “Агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир” сўзлари дастури амал сифатида қабул қилиниб, тизимда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, ёшларни юксак маънавият соҳиби ҳамда уларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилаётганлигига урғу берди.
Шундан сўнг, қўмондон ўринбосари томонидан Қуролли Кучлар тизимида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишга муносиб ҳисса қўшган ҳарбий хизматчи ва ходимларни рағбатлантириш мақсадида таъсис этилган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг «Маънавий-маърифий ишлар аълочиси» кўкрак нишонлари тантанали равишда ўз эгаларига топширилди.
Шу билан бирга, армия ва халқ бирлигини таъминлашда фаол ҳамкорлик қилган давлат ташкилотлари вакиллари, хусусан, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Алишер Навоий Миллий кутубхонаси, Маданият вазирлиги, Гулистон Давлат университетининг масъул ходимлари ҳам тадбирда муносиб тақдирланди.
Ишонамизки, маънавият соҳасида амалга оширилаётган эзгу саъй-ҳаракатлар келгусида ҳарбий хизматчи ва ходимлар, айниқса, ёшлар билан ўтказиладиган маънавий-маърифий ишлар самараси ва таъсирчанлигини оширишга ҳамда уларни юксак маънавиятли ватанпарвар ходим сифатида тарбиялашга хизмат қилади.
Бўлишмоқ: