Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 35 йил тўлиши муносабати билан мазкур санани “Ўзбек тили байрами” сифатида нишонланиши бутун Республика миқёсида қатор маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда. Шу муносабат билан, пойтахтимизда жойлашган Адиблар ҳиёбонида 2024 йил 2 ноябрь куни Жамоат хавфсизлиги университети Тарбиявий ва мафкуравий ишларни ташкил этиш бўлими ташаббуси билан “Миллий қадриятлар сайли” ҳафталиги доирасида “Тил — миллат ғурури ва фахри” номли маданий-маърифий тадбир ўтказилди. Тадбирда Университет курсантлари ва талабалари фаол иштирок этиб, улуғ саркарда, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳайкали атрофида жам бўлишди. Ҳайкал ёнида ғазалхонлик, мушоира, миллий либослар, рассомчилик, Заҳириддин Бобурнинг ҳаёти ва ижодига оид саҳна кўриниши намойиш этилди. Шунингдек сайл доирасида Университет курсантлари ва талабалари томонидан миллий халқ ўйинлари, арқон тортиш мусобақаси, табиат қўйнида суръат чизиш орқали ўз иқтидорларини намойиш этишди. Бундан ташқари ҳиёбонда Тошкент шаҳридаги олий таълим муассасалари спорт жамоалари иштирокида “Арқон тортиш” ўйини ўтказилди. Унда Университет жамоаси фаол иштирок этди. Жамоат хавфсизлиги университети томонидан ўтказилган маънавий-маърифий тадбирга ташриф буюрган меҳмонлар ва талабалар томонидан катта қизиқиш ва эътибор билан кузатилди. Ушбу тадбир барчада унутилмас таассурот қолдирди. Мазкур маданий-маърифий тадбир нафақат миллий тилимизнинг аҳамиятини ёритди, балки унинг келажак авлодлар учун ҳам нақадар муҳим эканлигини яна бир бор кўрсатди. Шу тариқа “Миллий қадриятлар сайли” ўзгача шукуҳ ва кайфиятда якунланди.
Бўлишмоқ: