"Миллат байроғи" шиори остида кўплаб тадбирлар ва акциялар ташкил этилмоқда

15.Ноя.2024

18 ноябрь – “Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи” тўғрисидаги қонун қабул қилинганлигининг 33 йиллиги муносабати билан жойларда "Миллат байроғи" шиори остида кўплаб тадбирлар ва акциялар ташкил этилмоқда. 

Миллий гвардия бўлинмалари ҳарбий хизматчилари, курсантлари ва ўқувчилари, муддатли ҳарбий хизматчилари "Миллат байроғи" шиори остида ўтказилаётган тадбирларда фаол иштирок этишмоқда. 

Пойтахтимизда ўтказилган ана шундай акциялардан бирида улар ёшларда давлат рамзлари ҳар бир мамлакатнинг суверенитети ва мустақиллигини ифодаловчи муқаддас тимсоллар эканлиги, давлат рамзлари халқимизнинг шон-шарафи, тарихий хотираси ва интилишларини ўзида мужассам этиб, шу юртда яшовчи ҳар бир фуқарога ғурур, фахр ва ифтихор бағишлашини доимо қалбларида сақлашлари учун байроқлар улашди. 

Байроқларни улашиш жараёнида хорижлик меҳмонлар ҳам байроғимиз тўғрисида маълумотларни қизиқиш билан тинглади ва кўксиларига тақиб олишди. Бу каби ўзига хос лойиҳадан мақсад – юртдошларимиз, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлод онгида она юртга, давлат рамзларига, хусусан, байроғимизга нисбатан ҳурмат ва дахлдорлик ҳиссини уйғотишдан иборат. Юртдошларимизда миллий ғурур ва ватанпарварлик туйғуларини кучайтиришда, миллатнинг ўтмиши, бугуни ва эртасидан фахрланиш ҳиссини уйғотишда бу каби лойиҳалар алоҳида аҳамиятга эга.

Кўкда мағрур ҳилпираган байроғимизга боқиб, мустақиллик, фаровонлик тушунчаларининг моҳиятини янада чуқурроқ англаймиз. Юрт байроғи бизни эзгу мақсадлар йўлида бирлаштиради. Юксак ва улуғ ишларга руҳлантиради!

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech