9 май - Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Миллий гвардия Маънавият ва маърифат марказида “Уйғоқ хотира” номли театрлаштирилган концерт дастури намойиш этилмоқда Сана муносабати билан 7-8 май кунлари намойиш этилган ва 10 май куни намойиши режалаштирилган мазкур асар Миллий гвардия қўмондони ташаббуси билан, Маънавият ва маърифат маркази ҳамда тизим ҳарбий хизматчи ва ходимларидан иборат ижодий гуруҳ томонидан тайёрланиб, унда “машъум уруш” йилларида жасоратли ота-боболаримиз, матонатли оналаримизнинг бошдан кечирган оғир дамлари ҳамда халқимиз дарди ёдга олинган.
Халқ хотираси деганда киши кўз ўнгидан Ватан ибтидосидан бугунига қадар шу юрт, шу халқ деб курашган, куч-қудрати, ақл-заковатини аямаган, керак бўлса, шу йўлда жон фидо қилган не-не буюк зотлар бир-бир ўтади. 9 май – Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрами - бу шунчаки байрам эмас, унда миллий хусусият ва ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга ҳисса қўшадиган қадриятлар мужассамдир.
Мазкур театрлаштирилган концерт дастурининг бугунги намойишида Миллий гвардия қўмондони Р.Джураев, Республика Маънавият ва маърифат маркази бошлиғи О.Ҳасанов, Сергели туман ҳокими Э.Шукуров, фахрий меҳмонларимиз Сергели туманда истиқомат қилувчи иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари бўлган 86 ёшли Мальцева Светлана Петровна, 87 ёшли Ананьева Нина Антоновна ва 85 ёшли Аскаров Равиль Назарович ва уларнинг яқинлари, шунингдек ҳамкор вазирликларнинг мутасадди раҳбарлари, фахрийлар, Ватан тинчлиги йўлида жонини фидо қилган сафдошларимизнинг ота-оналари ва яқинлари, пойтахтимиздаги меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари ҳамда маҳаллий аҳоли иштирок этишди.
Уруш фахрийлари мазкур театрлаштирилган концерт дастурининг илк дақиқаларидаёқ кўзларига ёш олишди. Улар шу онда ўйинқароқ ёшлик чоғларию, ўша маъшум уруш йилларини хотирлашди. Ижодий гуруҳ аъзолари томонидан маҳорат билан ижро этилган образларда иккинчи жаҳон уруши мобайнидаги халқимиз бошига тушган оғир кунлар ёритиб берилди.
Ҳиссиётларни жунбишга келтирувчи саҳна чиқишлари, қалбнинг энг тубига етиб борди десак ҳеч ҳам муболаға бўлмайди. Ҳар бир саҳна кўриниши ижросини ёшлар беихтиёр олқишлаб туришди. Албатта шу каби байрам дастурлари ёшларни элу юртни кўпроқ севишга ундайди, оламда меҳр-мурувват, ҳурмат-эътибор, қадр-қиммат ва оқибат уруғларининг кўпроқ сочилишига ҳисса қўшади.
Дилларга ором ва таскин берган тадбир якунида Миллий гвардия қўмондони сўзга чиқиб, Муҳтарам Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондони Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг “9 май — Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабага ҳисса қўшган барча меҳнат ва уруш фахрийларига ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ходимларнинг хотирасини абадийлаштириш асосий мақсад сифатида белгиланганини ёд олиб, Ушбу шонли санани биз доимо қувонч ва чексиз изтироб билан нишонлашимизни таъкидлаб ўтди. Шунингдек, Ватан озодлиги учун, ҳозирги тинч-омон кунлар учун жанг майдонларида ҳалок бўлган ота-боболаримизни, фронт ортида фидокорона меҳнат қилган юртдошларимизнинг муқаддас хотирасини ёд этиб, уларни рағбатлантириш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони мазмун моҳиятига, шунингдек Давлатимиз раҳбарининг куни кеча 9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Ўзбекистон халқига йўлаган табригига хам тўхталиб ўтилди.
Шу билан бирга, Миллий гвардия сафларида ватанимиз тинчлиги ва халқимиз осойишталиги учун ўз жонини қурбон қилиб қаҳрамонларча ҳалок бўлган сафдошларимизнинг ёрқин хотирасини ёд этиш энг олий вазифамиз эканлиги таъкидланди.
Ушбу саҳнада намойиш этилган Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ва ходимлари томонидан тайёрланган “Уйғоқ хотира” мусиқали саҳна кўриниши ҳам шу мақсадда тайёрланиб, залда ўтирган ҳар бир инсоннинг қалбида беихтиёр бугунги тинч ва фаровон ҳаётимиз, мусаффо осмонимиз учун шукроналик ҳамда уруш қаҳрамонларига чексиз миннатдорлик ҳисини уйғотганига ишонч билдирилди.
Шунингдек, қўмондон сана муносабати билан тадбир иштирокчиларига ва улар орқали барча яқинларига самимий тилаклар билдириб, мазкур мусиқали саҳна кўринишини эътиборимизга тақдим этган Миллий гвардия Маънавият ва маърифат маркази ашула ва рақс ансамбли раҳбари ва унинг жамоасига, шунингдек спектаклда иштирок этган ҳарбий хизматчи ва ходимларга миннатдорчилик билдирилди.
Бўлишмоқ: