Шу кунларда юртимизда Алишер Навоий таваллудининг 584 ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 542 йиллиги муносабати билан маънавий-маърифий учрашувлар, ғазалхонлик ва рубоийхонлик кечалари, ижодий танловлар ўтказилмоқда.
Хусусан, Миллий гвардия қўмондонлиги томонидан Турон ахборот кутубхона марказида ташкил этилган маънавий тадбир ҳам Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва ижодига бағишланди.
Тошкент “Темурбеклар мактаби” ва Миллий гвардия Ҳарбий мусиқа академик лицейи ўқувчилари, муддатли ва шартнома асосидаги ҳарбий хизматчилар ўртасида “Алишер Навоий ва Бобур мероси - беқиёс маънавий хазинадир” мавзусида иншолар танлови ўтказилди.
Танлов иштирокчилари улуғ мутафаккир боболаримиз, сўз мулкининг султони Алишер Навоий ҳамда шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг бой маънавий мероси, асарларида улуғланган ғоялар, айниқса миллий адабиётимиз ривожига қўшган бетакрор ҳиссалари бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини қоғозга туширдилар.
Тадбирнинг иккинчи қисмида Жамоат хавфсизлиги университети Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори А.Хайдаров халқимиз маънавий дунёсининг юксалишига улкан ҳисса қўшган икки буюк шахснинг ҳаёти, фаолияти, ижодий мероси хусусида маъруза қилди.
Шундан сўнг, Тошкент Темурбеклар мактабининг “Бадиий ижод ва ёш нотиқлар” тўгараги аъзолари ижросидаги Пиримқул Қодировнинг "Юлдузли тунлар" асаридан Бобур ҳаёти ҳақидаги театр томошаси намойиш этилган бўлса, Ҳарбий мусиқа академик лицейи ўқувчилари эса Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур қаламига мансуб ғазал ва рубоийлардан парчалар мутолаа қилишди.
Танлов якунида биринчи ўрин Жамоат хавфсизлиги университети курсанти O.Nuriddinovga, иккинчи ўрин Тошкент “Темурбеклар мактаби” ҳарбий академик лицейи ўқувчиси И.Ахматовга, учинчи ўрин эса кичик сержант С.Отабоевга насиб этди.
Кеча сўнгида Миллий гвардия Ашула ва рақс ансамбли хонандаларининг Навоий ҳамда Бобур боболаримизнинг асарларига басталанган куй ва қўшиқлар барчага бирдек манзур бўлди.
Бўлишмоқ: