Қуролли Кучлар академиясида “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари тизимида ахлоқий-руҳий таъминотни ташкиллаштириш ва ҳарбий психологияни ривожлантириш истиқболлари: муаммо ва ечимлар” мавзусида республика илмий-амалий анжумани ҳамда куч тузилмаларининг соҳа мутахассислари иштирокида ўқув-услубий йиғин ўтказилмоқда.
Ҳарбий округ (бирлашма) бошқарув аппарати ахлоқий-руҳий таъминот бўлими офицерлари, ҳарбий қисм ва муассасаларда фаолият олиб бораётган ҳарбий психологлар, Қуролли Кучлар академиясининг ҳарбий психология йўналишида таълим олаётган курсантлар жалб этилган тадбирда академия бошлиғи ҳар қандай вазиятда ҳарбий хизматчиларда юксак жанговар руҳни сақлаб қолиш қобилиятини шакллантириш ҳар қачонгиданда долзарблигини таъкидлади. Қуролли Кучларда юрт ўғлонларининг ахлоқий-руҳий тайёргарлиги ва жанговар руҳини ошириш, турли мураккаб ва оғир вазиятларга нисбатан руҳий бардошлилигини мустаҳкамлашга қаратилган ишлар “Юксак жанговар руҳ — аскарнинг енгилмас кучи, армиянинг қудратидир!” деган консептуал ғоя асосида амалга оширилаётгани қайд этилди.
Анжуманда Мудофаа вазирлиги Тарбиявий ва мафкуравий ишлар бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари вазирлик тизимида ахлоқий-руҳий тайёргарлик ва психологик ишларни ташкил этишнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида маълумот берди. Шунингдек, Мудофаа вазирлиги Кичик мутахассисларни тайёрлаш маркази профессори, психология фанлари доктори подполковник Лочинбек Равшанов, M.Lomonosov номидаги Москва давлат университети психология мутахассислиги магистранти капитан Аҳад Исмоилов, Қуролли Кучлар академиясининг ҳарбий психология цикли бошлиғи подполковник Шерзод Равшанов, Ахборот-коммуникация технологиялари ва ҳарбий алоқа институти бошлиғи ўринбосари, психология фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент подполковник Файзулло Шерматов ўз маърузаларида замонавий ҳарбий тўқнашувларда психологик хизматнинг ўрни, ҳарбий бошқарувда педагогик ва психологик билимларнинг аҳамияти хусусида қизиқарли фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Куннинг 2-ярмида анжуман иши шўбаларга бўлинган ҳолда давом этди. Унда Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларидаги ҳарбий жамоаларда психологик хизматни ташкил этиш тартиби бўйича вазирлик ва қўмондонликлар вакиллари ўз тажрибалари билан ўртоқлашди.
Маълумот ўрнида келтириш керакки, бугунги ўқув-услубий йиғин эртага «Чирчиқ» дала-ўқув майдонидаги ўқув нуқталарида давом этади.
Манбаа: Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги сайти
Бўлишмоқ: