Миллий гвардия тизимида йигитлар билан елкама-елка хизмат қилаётган қизларнинг сони кун сайин ортиб бормоқда. Аёл ҳарбий хизматчилар ўз хизмат вазифаси билан бирга оила ва рўзғор юмушларини ўз ўрнига қўйишаётганлиги ҳам таҳсинга сазовор. Бугун улар ўртасида бўлиб ўтган кўрик танлов ҳам уларни ҳар жабҳада моҳирлигини исботлади.
Тадбир аввалида сўз олган Миллий гвардия қўмондони ўринбосари полковник С.Мамаюсупов “Гендер тенглик фаоли” миллий танловининг республика босқичида Миллий гвардия “Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол республика даражасидаги давлат органи” деб топилганлигини алоҳида эътироф этди.
Шундан сўнг, аёл ҳарбий хизматчилар танловнинг шартлари бўйича беллашувга киришдилар. Улар турли вилоятларга мансуб ошларни тайёрлаш билан чекланмадилар ва сомса, чучвара ҳамда турли ширинликлар пишириш бўйича ҳам беллашдилар.
Ош тайёр бўлгунга қадар, аёл ҳарбий хизматчилар томонидан она Ватанимизни, ўз тилимизни мадҳ этувчи кўплаб шеър ва ўзимизнинг миллий куйларимиздан бўлган ёр-ёр, ўлан ва лапарлар айтиб ўтилди.
Палов баҳона маданий ҳордиқ ва дўстона суҳбат тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлади. Самимий мулоқотда бу каби тадбирлар жамоаларда ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ёшларни қадриятларимизга нисбатан ҳурмат руҳида тарбиялашда катта аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди.
Тадбир ижодкор аёл ҳарбийлар томонидан тайёрланган рақслар ва театрлаштирилган саҳна кўринишлари билан давом этди.
Бу каби ташаббуслар нафақат миллий қадриятларимизни тарғиб қилиш, балки ўзбек маданиятига бўлган ҳурматни оширишга хизмат қилади.
Бўлишмоқ: