Давлатимиз раҳбарининг барча соҳаларга бўлган янгича ёндашуви ва амалга ошираётган ислоҳотлари самарасида Янги Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятида барқарор ва жадал ривожланаётган давлат, ишончли ҳамкор ва улкан имкониятлар мамлакати сифатида намоён бўлмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистон ва Хитой Халқ Республикаси ўртасида ҳам кўп қиррали ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди.
Иккита давлат Раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг ўзаро ҳамкорлик келишувлари амалий ижроси юзасидан Хитой Халқ Республикаси Халқ қуролланган полицияси комиссари генерал-полковник Chjan Xunbin бошчилигидаги Хитой Халқ Республикаси Халқ қуролланган полицияси делегацияси илк бор жорий йилнинг 8-10 ноябрь кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлди.
Меҳмонлар Миллий гвардия қўмондони генерал-майор Р.Джураев томонидан Фахрий қоровул иштирокида тантанали кутиб олинди.
Шундан сўнг, икки томон ўртасидаги ўзаро музокаралар бўлиб ўтди. Унда ҳарбий таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, жанговар ва махсус тайёргарликни ташкил этиш ва тажриба алмашиш, шунингдек, жамоат тартибини сақлаш борасидаги масалалар муҳокама қилиниб, ҳамкорликдаги истиқболли режалар белгилаб олинди. Учрашув якунида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш борасида эришилган келишувлар юзасидан Протоколи имзоланди.
Меҳмонлар Миллий гвардия Ситуацион марказининг моддий-техник базаси ва фаолияти ҳамда Миллий гвардия музейи билан танишди.
Тадбир давомида делегация аъзолари Миллий гвардия бўлинмаларида хизмат қилиб, ўз бурчини бажариш чоғида қаҳрамонларча ҳалок бўлган сафдошларимиз хотирасига бағишланган ёдгорлик пойига гулчамбар қўйишди. Шунингдек, анъанага кўра дарахт экиш маросими бўлиб ўтди.
Ташриф дастурига мувофиқ, меҳмонлар Тошкент шаҳри “Қўриқлаш” бошқармаси ҳамда "Темурбеклар Мактаби" ҳарбий академик лицейи, Миллий гвардия Маънавият ва маърифат маркази, Ахборот хизмати, Болалар психологияси марказлари, Жамоат хавфсизлиги университети шунингдек, Самарқанд шаҳрининг тарихий обидаларида Миллий гвардия ходимлари томонидан жамоат тартибини сақлашга қаратилган Туристик патрул хизмати фаолияти билан танишишди.
Мазкур ташриф Хитой Халқ Республикаси Халқ қуролланган полицияси комиссари генерал-полковник Chjan Xunbinнинг мамлакатимизга илк ташрифи бўлиб, бу Ўзбекистон билан Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги муносабатларининг мустаҳкамланиши, жумладан, ҳуқуқ-тартибот идоралари, ҳарбий ва бошқа соҳаларда ҳам кўп қиррали ҳамкорликнинг янада ривожлантиришга кенг имкон яратади.
Бўлишмоқ: