Хоразм вилоятида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди

09.Фев.2025

Ўзбек адабиёти ва маънавиятининг йирик намояндаларидан бири, буюк мутафаккир ва шоир Мир Алишер Навоий таваллудининг 584 йиллиги муносабати билан Хоразм вилоятида катта маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Тадбир Урганч шаҳридаги Вилоят ахборот-кутубхона марказида бўлиб ўтди. Миллий гвардия вилоят бошқармаси ҳамда «Қўриқлаш» бошқармаси ходимлари иштирокида “Навоий – қалбларда мангу барҳаёт” шиори остида ўтказилган мазкур тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, профессор-ўқитувчилар, Ёшлар иттифоқи аъзолари ҳамда УрДУ академик лицейи ўқувчилари иштирок этишди.

Тадбирда сўз олганлар Мир Алишер Навоийнинг бой маънавий мероси, унинг ўзбек ва жаҳон адабиётига қўшган улкан ҳиссаси, инсонпарварлик ғоялари ва ғазалларидаги юксак маʼнолар ҳақида фикр юритдилар. Шунингдек, ёшлар учун Навоий ижодини чуқур ўрганишнинг аҳамияти таъкидланиб, улуғ шоир ғояларини бугунги кунда ҳам тарғиб этиш муҳимлиги қайд этилди.

Шунингдек, тадбир давомида иштирокчиларга Навоий асарларидан ғазаллар ўқиб эшиттирилди, ижодий чиқишлар ҳамда китоб кўргазмалари ташкил этилди. Тадбир самимий ва илиқ муҳитда ўтди, ёшларнинг буюк сиймоларга бўлган ҳурмати ва қизиқишини оширишга хизмат қилди. Ўтказилган тадбир давомида фаол иштирок этган ёшлар диплом ва китоблар билан тақдирландилар.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech