Миллий гвардия Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармасида ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари учун "Ватанпарварлик, шукроналик – оиладан бошланади" мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди
Мазкур тадбирда Марказий девон масъуллари, Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармаси ҳарбий хизматчи ва ходимларининг турмуш ўртоқлари иштирок этишди. Тадбир аввалида меҳмонлар ҳарбий хизматчи ва ходимларнинг оила аъзоларига турмуш ўртоқлари юрт тинчлиги ва халқ фаровонлиги йўлида хизмат қилаётганлигини, жанговар вазифаларни бажаришда қийинчилик ва машаққатларни оила аъзолари ва ҳамкасбларининг маънан қўллаб-қувватлашлари сабаб уддалай олишини, уларнинг руҳий ҳолати ва кайфияти ижобий бўлиши оилага боғлиқ эканлигини таъкидлашди.
Очиқ мулоқот тарзида ўтказилган давра суҳбатида мутасаддилар ҳаётий тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда, ўз тавсиялари билан ўртоқлашди ва тингловчилар ҳам ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоб олдилар.
Шундан сўнг, масъуллар ҳарбий хизматчиларнинг хонадонларига ташриф буюриб, уларнинг яшаш шароитлари ва мавжуд муаммоларини ўрганишди. Шу билан бир қаторда, асосий эътибор ижтимоий қўллаб қувватлаш ҳамда оилаларда соғлом муҳитни яратишга қаратилган сайёр қабул давомида ташриф буюрганлар кўплаб муаммоларига ечим топишди.
Тадбирнинг иккинчи қисмида Миллий гвардия Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармаси ҳарбий хизматчи ва ходимлари ҳамда уларнинг оила аъзолари учун чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкиллаштирилди. Малакали шифокорлар томонидан ҳар бир фуқаро индивидуал тарзда текширувдан ўтказилди ва уларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Бўлишмоқ: