Бугун Ўзбекистон Бадиий академиясида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 33 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Миллий гвардия тизимида “Менинг армиям – менинг фахрим” мавзусида ҳарбий хизматчилар ва ходимлар ҳамда уларнинг фарзандлари ўртасида энг яхши тасвирий санъат асарлари расмлар танловининг республика босқичи ўтказилди.
Унда тасвирий ва амалий санъат соҳасининг етук вакиллари иштирок этишди. Тадбирни Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Ўзбекистон халқ рассоми Акмал Нуриддинов очиб берди.
Ушбу танловда республикамиз бўйлаб ўтказилган “Менинг армиям – менинг фахрим” мавзусидаги расмлар танловининг саралаш босқичларидан ўтган Миллий гвардиянинг ҳудудий бўлинмаларининг ҳарбий хизматчилари ва уларнинг фарзандлари, Жамоат хавфсизлиги университети курсантлари ҳамда Тошкент «Темурбеклар» мактаби ўқувчиларининг мавзуга оид чизган расмлари ва санъат асарлари баҳолаб борилди.
“Менинг армиям – менинг фахрим” мавзусига бағишланган расмлар ва санъат асарлари «Ватан»ни ўзида мужассам этган бўлиб, мазкур ижодий ишларда ёшларнинг она юртига бўлган садоқати ва фидойилиги ифодаланган.
Танловда ғолиб бўлган ёшларимиз жорий йилнинг 8 январь куни бўлиб ўтадиган Қуролли Кучлар ўртасидаги “Менинг армиям – менинг фахрим” энг яхши тасвирий санъат асарлари расмлар танловида иштирок этишади.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Бадиий Академияси ўзбек халқи миллий меросининг ажралмас, нодир қисми сифатида Ватанимиз ҳудудида қадим замонлардан мавжуд бўлган жаҳон тасвирий, амалий, миниатюра санъати тарихи ва ривожига буюк ҳисса қўшган бадиий мактабларимизнинг узвий давомчисидир. Шу боисдан бу каби тадбирларнинг ушбу масканда ўтказилиши ўқувчи-ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда ҳар томонлама етук, интеллектуал ва маънавий салоҳиятли этиб тарбиялашга замин яратади.
Бўлишмоқ: