Миллий гвардия ҳарбий хизматчи ва ходимлари ўртасида ўтказилган “Энг яхши китобхон” кўрик-танлови ғолиблари аниқланди

07.Янв.2025

Пойтахтимиздаги Турон кутубхонасида бўлиб ўтган “Энг яхши китобхон” танловининг якуний республика босқичи ўтказилди, унда тизимнинг ҳудудий босқичларида юқори натижага эришган 19 нафар ҳарбий хизматчи ва ходимлар иштирок этди.

Иштирокчилар “Биз буюк саркардалар авлодимиз”, “Жаҳон тамаддуни ва ўзбек халқи маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган алломаларимиз” ҳамда “Мустақил вазифа” шартлари бўйича синовдан ўтказилди.

Хусусан, иштирокчилар томонидан шартлар давомида қадимий ва бетакрор диёримиздан етишиб чиққан буюк саркардалар, алломалар, адиб ва мутафаккирларимизнинг бой маънавий мероси, ҳарбий санъати, маданияти, дунёвий ва диний илм-фан тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси, уларнинг ноёб асарлари, ибратли ҳаёти ва ижтимоий фаолияти атрофлича таҳлил этилди.

Ҳакамлар ҳайъати томонидан иштирокчиларни баҳолашда адолат мезони асосида, уларнинг тайёргарлиги, билими, асарни ифодали ва таъсирли ўқиши ҳамда китобхонлик маҳоратига эътибор қаратилди.

Ғолиблар Адбулла Қодирий мемориал музейида тантанали равишда Миллий гвардиянинг И, ИИ ва ИИИ даражали дипломлари ҳамда қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.

Якуний натижаларга кўра кўрик танловда Миллий гвардия Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси лейтенанти Қодиров Акрам 3- ўринни эгаллаган бўлса, 2-ўрин Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси катта лейтенанти Юлдошев Ойбекка насиб этди. Фахрли 1-ўринни эса Миллий гвардия Фарғона вилояти бўйича бошқармаси катта лейтенанти Раҳмонов Номозбек қўлга киритди.

Шу билан бирга, кўрик танловнинг “Энг зукко китобхон”, “Энг илғор китобхон”, “Энг зукко китобхон” ҳамда “Энг билимдон китобхон” номинациялари бўйича ҳам совриндорлар муносиб тақдирланди.

Тантанали маросимда ғолиблар Миллий гвардия қўмондонлиги масъуллари, Республика Маънавият ва маърифат маркази-Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти илмий ходими Серобов Хуршид, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси Неъматов Зикрилла ҳамда Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги вакили Бойсариев Мансур ва Ахборот-кутубхона фондларини жамлаш хизмати раҳбари Ахмедова Насибалар томонидан тақдирланди.

Шу билан бирга, тадбирнинг бадиий қисмида ижро этилган куй-қўшиқлар даврага ўзгача кайфият бағишлади.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, мазкур танловлар ҳарбий хизматчи ва ходимларнинг маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни янада оммалаштириш, миллий адабиётимизнинг дурдона асарларини ёш авлод ўртасида кенг тарғиб этишда муносиб ўрин тутади.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech