Миллий гвардия Бухоро вилояти бўйича бошқармаси, Фахрийлар кенгаши ҳамда жойлардаги инспектор-психологлар ҳамкорлигида Бухоро шаҳридаги ва Жондор туманидаги мактабларда таҳсил олаётган, ҳарбийлик касбига қизиқувчи ўқувчи-ёшлар учун Миллий гвардия Бухоро вилояти бўйича бошқармасида “Очиқ эшиклар куни” тадбирлари ташкил этилди.
Ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, миллий армиямизга жисмонан бақувват ва маънан етук ёшлар зарурлиги, ҳарбий хизмат ҳар бир Ўзбекистон фуқароси учун муқаддас бурч экани ҳақидаги тушунчани ҳамда бу борадаги назарий-амалий кўникмаларни мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган тадбирга ҳарбий хизматга иштиёқманд ёшлар жалб қилинди.
Тадбир иштирокчилари ҳарбий хизматчиларнинг ҳарбий ҳаёти, жанговар ва тактик машғулотлар, қўл жанги чиқишларини кузатиш, ақлий ва жисмоний салоҳият касб этадиган ҳарбийлик касбининг нақадар шарафли эканлигини ўз кўзлари билан кўриб, ўзларида ҳам ватанпарварлик туйғулари мужассам эканлигини яшириб ўтиришмади. Шунингдек, ёшлар ҳарбий қисмда ҳарбий хизматчиларга яратилган шарт-шароитларни зимдан кузатишди.
Тадбир давомида, қурол-яроғлар, жанговар ва махсус техникалар кўргазмаси бўлиб ўтди. Айниқса, ёшларнинг Миллий гвардия Бухоро вилояти бўйича бошқармаси бошлиғи билан ўтказилган самимий субати, барча учун эсда қоларли бўлди.
Бу каби тадбирларнинг мунтазам ўтказилиши ёшларимизни ватанпарвалик руҳида тарбиялашда ўзининг ижобий самарасини кўрсатиши, шубҳасиз.
Бўлишмоқ: