Қадим туркий тилимизни илк бор илмий асосда тадқиқ этган буюк аллома Маҳмуд Қошғарий форс тили малоҳат тили, араб тили фасохат тили, турк тили эса сиёсат ва ҳарб тили дея таъкидлаган. Дарҳақиқат, бугунги кунда туркий тиллар оиласига кирувчи ўзбек тили сиёсат ва ҳарб санъати, маданият ва илм-фан забонига айланиб бормоқда, ўзбек тили сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий жабҳаларда фаол қўлланиб, халқаро минбарларда баралла янграмоқда.
Юртимизнинг барча ҳудудларида бўлганидек, пойтахтимизда ҳам ушбу сана кенг нишонланмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Маънавият ва маърифат марказида “21-октябрь – Ўзбек тили байрами” кунига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондони ўринбосари, полковник С. Мамаюсупов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ёшлар масалалари бўйича комиссия раиси М. Валиев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Муҳиддин Омон, “Ғунча” журнали бош муҳаррири, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, ёзувчи Дилфуза Шомаликова, Миллий гвардия Тошкент шаҳри бўйича бошқармаси ҳамда “Қўриқлаш” бошқармаси ҳарбий хизматчи ва ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳарбий мусиқа академик лицейи, Темурбеклар мактаби ўқувчилари, Жамоат хавфсизлик университети курсантлари ҳамда Тошкент шаҳридаги 22-сонли “Меҳрибонлик” уйи тарбияланувчилари иштирок этди.
Тадбирда таъкидланганидек, она тили – миллатнинг руҳи, маънавий қиёфаси, ор-номуси, орзу-умидидир. Инсон дунёга келибдики, Ватани, Онаси, Оиласи қанчалик муқаддас бўлса, она тили ҳам шунчалик азиздир. Ҳаттоки, гўдак ҳам дунёни она тили орқали англайди. Усиз жамият ривожланмайди, тараққий топмайди. Она тили – миллатнинг бирлиги ва бирдамлигининг тимсолидир.
Тадбирнинг бадиий қисми эса йиғилганларга хуш кайфият улашди. Миллий гвардия Темурбеклар мактаби ҳарбий академик лицейи ўқувчилари томонидан ўзбек тили ривожига ҳисса қўшган буюк адибларимиз ҳаёти ва ижодига бағишланган саҳна кўриниши, Миллий гвардия Ҳарбий мусиқа академик лицейи ўқувчилари томонидан бадиий ва мусиқий чиқишлар тадбир қатнашчилари эътиборига ҳавола этилди.
Тадбир сўнгида Миллий гвардия тизимидаги ҳарбий хизматчи ва ходимлар ўртасида ўтказилган “Энг яхши шоир ва адиб” кўрик танлови натижаларига кўра ғолиб ва совриндор деб топилганлар тақдирланди.
Жумладан, ушбу кўрик танловда фаол иштирок этганлиги учун Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани “Қўриқлаш” бўлими ходими, катта сержант Г. Назирова ташаккурнома билан тақдирланган бўлса, фахрли учинчи ўрин ва қимматбаҳо совға Миллий гвардия ҳарбий қисм контракт бўйича ҳарбий хизматчиси, оддий аскар А. Умбаровга топширилди. Кўрик танловда иккинчи ўрин соҳиби Миллий гвардия Тошкент шаҳри бўйича бошқармаси ҳарбий хизматчиси, кичик сержант С. Соҳибов бўлди, танловнинг ғолиби деб эса, Жамоат хавфсизлиги университети курсанти Ф. Бахтиёров топилди ҳамда диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Бўлишмоқ: