Миллий гвардия қўмондони ўринбосари иштирокида “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди

07.Окт.2024

Куни кеча Миллий гвардия ҳузуридаги Қорабайир отлари маҳорат мактабида Миллий гвардия қўмондони ўринбосари иштирокида “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди.

Дастлаб, Миллий гвардия раҳбарияти ўз касбий фаолият тажрибалари ҳақида гапириб, эришган муваффақиятлари замирида фақатгина билимга интилиш, ҳаракат мужассамлигини қайд этди ва ёшларга мотивация бердилар. Барча соҳаларда эришилаётган ютуқлар ёшлар билан чамбарчас боғлиқлиги алоҳида эътироф этилди. Шунингдек, ёшларни спорт турларига кенг жалб қилиш ва ўзаро мулоқотни мустаҳкамлаш зарурлиги таъкидланди. Тадбирда ўғил-қизлар ўзларини қизиқтирган саволларига Миллий гвардия масъулларидан батафсил жавоб ва маълумотлар олдилар. Шу билан бирга, тадбирда фаол иштирок этган ва тенгдошларига намуна бўлган бир гуруҳ ёшлар Миллий гвардия қўмондонлигининг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Тадбир давомида Миллий гвардия бўлинмаларидаги махсус жиҳоз ва техникалар кўргазмаси ҳам ташкил этилди.
Тадбирнинг иккинчи қисми от миниш бўйича маҳорат дарсига бағишланди. Ёшлар, чавандозлик ва тулпорларга қандай ғамхўрлик қилишни ўрганишди. Моҳир чавандозлар томонидан улоқ-кўпкари, конкур каби спорт мусобақалар уюштирилди.

Камондан отиш спорт тури бўйича ўтказилган маҳорат дарсида эса иштирокчилар тўғри отиш техникаларини ўрганишди. Бу спорт тури нафақат жисмоний фаолликни оширади, балки диққатни ва сабр-тоқатни ривожлантиришга ёрдам беради.

Айтиш керакки, ташкил этилган тадбир ватанпарвар ёшларни шакллантиришга, ўғил-қизларнинг янги кўникмаларни ўзлаштиришларида, ёшларнинг келажакдаги ривожига ижобий таъсир кўрсатади.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech