Жамоат хавфсизлиги университетида ташкил этилган мазкур ўқув-йиғини икки кун давом этиб, дастлаб унда иштирокчилар билан саф тайёргарлиги бўйича синовлар ўтказилди.
Ўқув-йиғин қатнашчилари энг замонавий технологиялар асосида қайта таъмирдан чиққан университет биноси билан яқиндан танишиб, у ерда курсант ва талабалар учун яратилган барча шароитларни алоҳида эътироф этишди.
Шундан сўнг, Миллий гвардия қўмондони ўринбосари, полковник С.Мамаюсуповнинг “Жорий йилда амалга оширилган ишлар: муаммо ва камчиликлар ҳамда истиқболдаги вазифалар” тўғрисида масъул раҳбарлар билан очиқ мулоқот шаклида учрашуви бўлиб ўтди.
Шунингдек, учрашув доирасида ҳарбий кадрлар билан ишлаш тизимини ривожлантириш, тарбиявий ишлар, ҳарбий интизомни мустаҳкамлаш, шу билан бирга жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасида ҳам давра суҳбати бўлиб ўтди.
Ўқув-йиғин доирасида бир қатор ташкилотлар, хусусан Давлат хавфсизлик хизмати, Давлат бошқаруви академияси, Ўзбекистон ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Ўзбекистон маҳаллалар уюшмасининг соҳа мутасаддилари томонидан давлатимизда ёшлар сиёсатига оид олиб борилаётган ишлар кўламини янада кенгайтиришга қаратилган чора-тадбирлар юзасидан маърузалари тингланди.
Амалий ҳамда назарий машғулотлар қаторида узоқ ва яқин масофага югуриш, ўқ отиш ҳамда тактик тайёргарлик, шу билан бир қаторда маънавий-маърифий тайёргарлик бўйича ҳарбий хизматчилар билан дарслар ташкил этилди.
Ўқув-йиғини якунида иштирокчиларнинг Абдулла Авлоний номидаги педагогларни касбий ривожлантириш ва янги методикаларга ўргатиш миллий тадқиқот институти музейи ҳамда Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрига бўлган ташрифи ҳарбий хизматчиларнинг маънавий дам олишига хизмат қилди.
Бўлишмоқ: