“Ёш гвардиячилар форуми” доирасидаги мазкур тадбирда, Миллий гвардия қўмондони генерал-майор Р.Джураев ва ёшларнинг учрашуви ҳамда очиқ мулоқоти ташкиллаштирилди.
Унда тизим фахрийлари, “Темурбеклар” ҳарбий академик лицейи ўқувчилари, Ҳарбий мусиқали академик лицейи ҳамда Республика бўйича Миллий гвардияга бириктирилган 56 та мактабларнинг “Ҳарбий ватанпарварлик” синфлари ўқувчилари, шунингдек ҳудудлардан видеоконференция орқали 4000 дан ортиқ ёш гвардиячилар иштирок этишди.
Маросимга ташриф буюрган иштирокчилар оркестр садолари остида кутиб олиниб, уларга Миллий гвардия ҳарбий кийим-бош намуналари, машғулотлар учун ўқув моддий-техник базалар кўргазмалари, ёшлар томонидан тайёрланган “Робототехника” намуналари намойиш этилди.
Тадбир аввалида Миллий гвардия қўмондони нутқ сўзлар экан, Муҳтарам Президентимиз томонидан юртимизда янги Ўзбекистонни барпо этишдек улуғ мақсадга эришиш йўлида ёшларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларга барча соҳада ўз иқтидори ва салоҳиятини намоён этиши учун зарур шароитлар яратиб бериш сўнгги йилларда давлат сиёсати даражасига кўтарилганлигини алоҳида таъкидлади.
Ёшлардан бўлса, ушбу имкониятлардан тўғри фойдаланиб, бор эътиборини билим олишга, жисмонан ривожланишга ҳамда турли соҳаларни етакчи мутахассислари бўлиб етишишига қаратишларига урғу берди.
Нутқ давомида давлатимиз Раҳбарининг мамлакатимизда олиб бораётган ёшларга оид давлат сиёсати юзасидан ҳамда Миллий гвардия таълим муассасалари ўқувчи ва курсантларининг эришган ютуқлари ҳақида намойиш этилган видеороликлар форум иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.
Шундан сўнг, Миллий гвардия Темурбеклар мактаби, Ҳарбий мусиқа академик лицейи ҳамда тизимга бириктирилган 56 та Ватанпарварлик синфларида таҳсил олаётган ва намунали хулқи ва аъло баҳолари билан синфдошларига ўрнак бўлиб келаётган юзга яқин ўқувчилар қўмондон томонидан муносиб рағбатлантирилди.
Тадбирнинг очиқ мулоқот қисмида сўз олган ёшлар ҳам ўз ўрнида юртимизда Давлатимиз раҳбари томонидан ёшларга берилаётган катта эътибор ва имкониятлар, яратилаётган кенг шароитлар ўзларининг иқтидорларини намоён қилишлари учун кенг эшиклар очиб бераётганини фахр билан тилга олишиб, ўз таклиф ҳамда мулоҳазаларини эркин баён қилишди.
Форум сўнгида Миллий гвардия ашула ва рақс ансамбли томонидан ижро этилган Ватанни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар ёшларимизни жуда тўлқинлантирди.
Мазкур “Ёш гвардиячилар форуми” – “Раҳбар ва ёшлар” очиқ мулоқотининг ўтказилишидан кўзланган асосий мақсад, ёшларни Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, уларни қалби ва онгига Ватан ҳимояси шарафли ва муқаддас бурч эканини чуқур сингдиришдан иборат.
Бўлишмоқ: