Наманганда “Миллий гвардия ёшлар билан ҳамнафас” шиори остида ёшлар сайли ташкил этилди.

02.Ноя.2024

Миллий гвардия Наманган вилояти бўйича бошқармаси ва Қўриқлаш бошқармаси ташаббуси билан Наманган тумани Олахамак маҳалласида жойлашган касб-ҳунарга ўқитиш марказида “Миллий гвардия ёшлар билан ҳамнафас” шиори остида ёшлар учун махсус сайл ташкил этилди. Ушбу тадбирда Миллий гвардия Наманган вилояти Қўриқлаш бошқармаси бошлиғи, вилоят ҳарбий прокурори ва вилоят Ёшлар ишлари бошқармаси ҳамда туман сектор раҳбарлари иштирок этиб ёшларга ўзларининг самимий тилакларини билдиришди. Шундан сўнг Миллий гвардия ҳарбий хизматчи ва ходимлари томонидан тайёрланган кўргазмали чиқишлар ҳамда спортчи ёшлар ижросидаги спорт элементлари намойиши йиғилганларга кўтаринки кайфиятлар улашди. Бу каби кўргазмали чиқишлар ёшларда ҳарбий хизматга бўлган қизиқишни ошириб, уларни ватанпарварликка илҳомлантирди.

Тадбир доирасида касб-ҳунарга ўқитиш марказининг мажлислар залида ёшлар ва раҳбарлар учрашуви ўтказилди. Бу учрашув ёшларнинг саволлари, ташаббуслари ва қизиқишларини ўрганишга йўналтирилган бўлиб, уларга раҳбарлар томонидан жавоблар берилди ва ёшлар учун яратилаётган имкониятлар ҳақида маълумотлар берилди.

Тадбирга таклиф этилган ёшлар камондан отиш, армрестлинг, шахмат-шашка, арқон тортиш, тош кўтариш каби спорт турлари бўйича беллашишди. Бу беллашувлар ёшларнинг спортга қизиқишини оширишга, жисмоний тайёргарлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Тадбир якунида Миллий гвардия томонидан иштирокчилар учун тушлик ташкил этилди. Тадбир барча қатнашувчиларда катта таассурот қолдирди. Бу каби тадбирлар ёшларнинг ҳарбий хизматга қизиқишини ошириш ҳамда уларни жисмонан ва маънан камолга етказишда муҳим аҳамиятга эга.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech