Озарбайжон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари – Ички қўшинлар қўмондони генерал-лейтенант Ш.Мамедов бошчилигидаги Озарбайжон Республикаси Ички ишлар вазирлиги делегацияси илк бор расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди.
Миллий гвардия Марказий девонида Фахрий қоровул бўлинмаси иштирокида меҳмонларни тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди ва унда Миллий гвардия Алоҳида намунали ҳарбий оркестри томонидан икки давлат мадҳиялари ижро этилди.
Тадбир давомида делегацияси аъзолари Миллий гвардия бўлинмаларида хизмат қилиб, ўз бурчини бажариш чоғида қаҳрамонларча ҳалок бўлган сафдошларимиз хотирасига бағишланган ёдгорлик пойига гулчамбар қўйишди. Шунингдек, анъанага кўра, генерал-лейтенант Ш.Мамедов дарахт экиш маросимида иштирок этди.
Шундан сўнг, Халқаро ҳамкорлик бошқармаси мажлислар залида икки томон ўртасидаги ўзаро музокаралар бўлиб ўтди. Унда ҳарбий таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, жанговар ва махсус тайёргарликни ташкил этиш ва тажриба алмашиш, шунингдек, жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш борасидаги масалалар муҳокама қилиниб, ҳамкорликдаги истиқболли режалар белгилаб олинди.
Ташриф давомида меҳмонлар Тошкент шаҳридаги “Қўриқлаш” бошқармаси фаолияти, Миллий гвардия Ситуацион марказининг моддий-техник базаси ва фаолияти билан яқиндан танишишди. Сўнгра меҳмонлар Жамоат хавфсизлиги университети, Маънавият ва маърифат маркази, Болалар психологияси маркази ҳамда Ёшлар инновацион маркази фаолияти билан танишишди. Шундан сўнг пойтахтимиздаги Темурийлар тарихи давлат музейида ҳам бўлиб катта тассуротлар билан қайтишди.
Мазкур ташриф Ички ишлар вазири ўринбосари – Ички қўшинлар қўмондони генерал-лейтенант Ш.Мамедовнинг мамлакатимизга илк ташрифи бўлиб, бу Ўзбекистон билан Озарбайжон ўртасидаги муносабатларининг мустаҳкамланиши, кўп қиррали ҳамкорлик, жумладан, ҳуқуқ-тартибот идоралари, ҳарбий ва бошқа соҳаларда ҳам ҳамкорлик кенгайиб бораётганидан далолатдир.
Бўлишмоқ: