Аввал хабар берганимиздек, Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтган Регби-7 халқаро турнирида муносиб иштирок этиб, фахрли 2- ўринни қўлга киритган Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси жамоаси спортчилари халқаро аэрапортда танатанали кутиб олинди.
Шу билан бирга, бугун Миллий гвардия қўмондони Р.Джураев ва Ўзбекистон Регби Федерацияси раиси, Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари С.Сафаевларнинг жамоа аъзолари билан учрашуви бўлиб ўтди. Унда қўмондон буйруғи ўқиб эшиттирилиб, халқаро турнирда юқори натижаларни эгаллаган спортчи ва мураббийлар муносиб рағбатлантирилди.
Юқори шукуҳда ташкил этилган тадбир давлатимиз мадҳияси билан бошланиб, унда Миллий гвардия қўмондонлиги, фахрий меҳмонлар, Регби федерацияси вакиллари ҳамда ҳарбий хизматчи ва спортчилар иштирок этди.
Тадбир аввалида сўз олган қўмондон ўтказилаётган мусобақалар ва эришилаётган ютуқлар, спортчиларимизни тажрибасини ҳамда профессионаллик даражасини ошириш билан чекланиб қолмай, келгусида Осиё ва жаҳон чемпионатларида иштирок этиш учун янги терма жамоаларни шакллантириш хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.
Хусусан, турнирда иштирок этган жами 5 та жамоалар ўртасида Миллий гвардия жамоаси Жуков номидаги Новосибирск ҳарбий институти жамоасини 17:10 ҳисобида, сўнгра Россгвардиянинг Пермь ҳарбий институти жамоасини 26:0 ҳисобида, Жуков номидаги Саратов ҳарбий институти жамоасини 26:0 ҳисобида мағлубиятга учратганини юқори баҳолади.
Шундан сўнг, жорий йилнинг 14-17 май кунлари спортнинг регби тури бўйича Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтган халқаро турнирда муносиб иштирок этиб, фахрли иккинчи ўринни қўлга киритганлиги учун бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар ва Ўзбекистон Регби федерацияси спортчи, мураббийлари муносиб рағбатлантирилди.
Унда барча турнир иштирокчиларига “Эсдалик қўл соати”, “Миллий гвардия фидойи ходими” кўкрак нишонлари ҳамда қимматбаҳо совғалар тантанали равишда топширилди.
Тадбир сўнгида мазкур халқаро турнирнинг “Энг яхши ўйинчиси” номинациясига Миллий гвардия жамоаси аъзоси бўлган лейтенант Достонбек Усмонжоновнинг муносиб деб топилганлиги қўмондонлик ва федерация раҳбарияти томонидан алоҳида эътироф этилди.
Бўлишмоқ: