Пойтахтимизнинг Юнусобод туманида жойлашган Шаҳидлар хотираси майдонида Миллий гвардия Жамоат хавфсизлиги университети профессор-ўқитувчилар ва курсантлари иштирокида Ватанимиз равнақи йўлида азиз жонларини фидо қилган маърифатпарвар жадид боболаримизга бағишланган “Шаҳидлар – боқий қаҳрамонлар” номли маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Маълумки, 1938 йилнинг октябрь ойи бошлари халқимиз тарихига қора кун сифатида муҳрланиб қолган. Ўшанда элимизни билимга, зиёга чорлаган Қодирий, Чўлпон, Фитрат сингари юртнинг кўплаб асл ўғлонлари Тошкентнинг ўша даврда қамишзору ботқоқликдан иборат овлоқ жой бўлган мана шу сиз кўриб турган майдонда қатағон қурбонига aylandilar...
Ҳа, халқимиз осойишталигининг бўлажак посбонлари учун бу ташриф бежиз эмас. Чунки, майдонга қадам қўяр экансиз, вужудингизни аллақандай ҳиссиёт чулғаб олади. Бунинг сабабини тадбирда сўз олган меҳмонлар ҳамда тарихчи олимларнинг сўзларидан ҳам билиш мумкин. Айни дамда тасвирлардаги халқимиз қаҳрамонлари бу ёшларни олқишлаётгандек, ушалмаган орзулари бахтиёр авлодларга насиб этганидан қувнаётгандек эди гўё. Улар руҳини шод этиш учун Жамоат хавфсизлиги университети бадиий жамоаси алоҳида қўшиқ ҳам тақдим этди. Шуни айтиш керакки, «Шаҳидлар» деб номланган ушбу қўшиқ яқиндагина ўтказилган Ўзбекистоннинг барча Қуролли кучлари бадиий жамоалари ва ижрочи ёшларнинг “Энг яхши ватанпарварлик руҳидаги қўшиқ” кўрик танловида 1-ўринни қўлга киритди. Юракдан куйланиб, юраккка этиб борган тарона ўз-ўзидан тадбир иштирокчиларини “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи томон этаклади. Музей остонасидан қадам қўйганингиз ҳамон аламли ўтмиш гўё кўз ўнгингизда жонлангандек бўлади. Бу эрдаги ҳар бир экспонат, ҳар бир тасвир – алоҳида тарих. Ватан нелигини бутун вужуди билан туйган, эл ҳурлиги, хавфсизлигини кўз қорачиғидек асрашни шараф деб билган Жамоат хавфсизлиги университети ёшлари шаҳидлар номини ёд олиб, зиёрат қилишар экан, қалбларида ўзгача руҳ, кўзларида учқун порларди. Зеро, тарихни билмай туриб, миллий ғурур ва ифтихор келажак ҳақида гап бўлиши мумкин эмас.
Бўлишмоқ: