Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан Миллий гвардия қўмондонининг байрам табриги

11.Ноя.2023

Ҳурматли тиббиёт ходимлари!

Ўз ҳаётини инсон саломатлигини асрашдек масъулиятли ва шарафли ишга бағишлаган Сиз азизларни Тиббиёт ходимлари куни - касб байрамингиз билан Миллий гвардия шахсий таркиби номидан самимий муборакбод этамиз.

Юртбошимиз таъкидлаганидек, биз Янги Ўзбекистонда инсон қадри ва манфаатларини таъминлашни ўз олдимизга эзгу мақсад қилиб қўйган эканмиз, бу йўлда халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш энг муҳим вазифаларимиздан бири бўлиши табиийдир.

Дарҳақиқат,ўз қасамёдига, касби ва бурчига садоқат билан меҳнат қилаётган, Абу Али ибн Синодек буюк аждодларимиз анъаналарининг давомчилари бўлган Тиббиёт ходимларига бундан буён ҳам шу эзгу йўлда бор билим ва тажрибаларини сафарбар этишларига бутун ҳалқимиз ишонади.

Бу ишонч эса ҳар бир тиббиёт соҳаси ходимига чексиз фахр-ифтихор бахш этиш билан бирга, зиммасига янада улкан масъулият ҳам юклайди.

Чунки мамлакатимизда Тиббий хизматларининг сифат даражаси ошиб, янги замонавий йўналишлар, даволаш ва диагностика усуллари, ноёб илмий-амалий тажрибалар шаклланмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, халқимиз тиббиёт соҳаси ходимларини дунёдаги энг олийжаноб касб эгалари, фидойи инсонлар сифатида билади ва машаққатли меҳнатингизни доимо юксак қадрлайди.

 Миллий гвардия тизимларида БУРЧ, САДОҚАТ, ЖАСОРАТ! шиори остида хизмат бурчини адо этиб келаётган ҳарбий хизматчи ва ходимларнинг зиммасига юклатилган барча масъулиятли вазифалар тўлақонли амалга оширилишида, ҳеч шубҳасиз, сафимизда меҳнат қилаётган жонкуяр ва фидойи тиббиёт ходимларининг ҳиссаси беқиёс.

Сиз азизларни яна бир бор қутлуғ байрамингиз билан чин дилдан табриклаб,  келгуси фаолиятингизда ютуқ ва омадлар, сиҳат-саломатлик ва оилавий хотиржамлик тилаймиз.

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондони, генерал-майор Р.Джураев 

 

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech