Сўнгги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, касб-ҳунарга ўргатиш, бандлигини таъминлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, турли соҳаларда ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариши учун шарт-шароитлар яратиш устувор вазифага айланди.
Мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча соҳаларида бўлгани каби Миллий гвардия тизимида ҳам хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, Миллий гвардия Тошкент шаҳар қўриқлаш бошқармасида “Хавфсизликни таъминланишида хотин-қизларнинг ўрни” мавзусида ташкил этилган Аёллар форуми ҳам уч юзга яқин турли соҳа вакиллари бўлмиш хотин-қизларни бир мақсад сари бирлаштирди.
Форумда Ўзбекистон Республикаси Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглиги масалалари бўйича қўмитаси раиси Қодирхонова Малика Акбаровна, Тошкент шаҳар ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Раҳимова Дурдона Шукуруллаевна, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раисининг ўринбосари Нурматова Мукаррам Ахмедовна, шунингдек, Республика ҳарбий прокуратураси, Республика диний қўмита, Республика маънавият ва маърифат марказининг, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг масъул ходималари иштирок этди.
Дастлаб форумни видеоконференция орқали ҳудудий бошқармадан қатнашган Миллий гвардия қўмондони ўринбосари полковник С.Мамаюсупов очиб, бугунги кунда давлатимиз томонидан хотин-қизларга қаратилаётган эътибор, гендер тенглик масалаларига алоҳида тўхталиб ўтди.
У ўз нутқида бу соҳадаги ислоҳотлар Миллий гвардия тизимида ҳам жадаллик билан амалга оширилаётганлигини таъкидлаб, ҳарбий хизматчилар, ходимлар ҳамда уларнинг оила аъзолари билан мақсадли ишлаш, бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга ўргатиш, уларга руҳий ва маънавий кўмак бериш мақсадида алоҳида 39 та офицерлик лавозимлари жорий этилиб, ушбу лавозимларга ҳарбий хизматчи ва ходима аёллар тайинланганлигини эътироф этди.
Шунингдек, форум доирасида лекторлар “Хотин - қизларни ижтимоий сиёсий фаоллигини оширишнинг устивор йўллари”, “Тинчлик ва ҳавфсизликни таъминлашда хотин-қизларнинг ўрни”, “Оила-маънавият маскани” каби мавзудаги маърузалар билан чиқишди.
Мазкур форумда маърузачилар томонидан аёл ҳарбий хизматчи, ходималар ва уларнинг оила аъзоларини ҳар томонлама қўллаб қувватланиши, шунингдек жамиятдаги ижтимоий – иқтисодий ва сиёсий фаолликларини янада ошириш, келажак авлод ва фарзанд тарбиясида, оилада соғлом маънавий –аҳлоқий муҳитни шакллантириш ҳамда гендр тенгликни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди ва кенг муҳокама қилинди.
Тадбир сўнгида ташкилотчилар томонидан Форумнинг фаол иштирокчилари муносиб рағбатлантирилди.
Бўлишмоқ: