Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси миқёсида ўтказилган “Ўзбекистон тарихи” ва “Темур тузуклари” билимдони танловининг республика босқичи якунланди

08.Янв.2025

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 33 йиллиги ва 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ҳарбий хизматчиларнинг китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Миллий гвардия тизимидаги муддатли ҳарбий хизматчиларига совға сифатида тақдим этилган китобларидан олган билимларини мустаҳкамлаш ва такомиллаштириш мақсадида “Ўзбекистон тарихи” ва “Темур тузуклари” билимдон танловининг республика босқичи бўлиб ўтди.

Мазкур кўрик танловнинг якуний босқичи жорий йилнинг 8 январь куни Темурийлар тарихи давлат музейида бўлиб ўтди.

Тадбирга Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси масъуллари, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси, Темурийлар тарихи давлат музейининг илмий ходимлари таклиф этилди.

Кўрик танлов учта шартдан иборат бўлиб, биринчи шартда иштирокчиларнинг соҳибқирон Амир Темурнинг давлат бошқаруви, саркардалик маҳорати ва ҳарбий санъати, доно ва оқилона сиёсатини ҳақида шунингдек, Ватанимиз тарихи ҳақидаги билимлари тезкор оғзаки савол-жавоблар асосида синалди. 

Иккинчи шартда эса ҳар бир иштирокчига “Ўзбекистон тарихи” ва “Темур тузуклари” китобларидан 30 та саволдан иборат тест саволлари берилди.

Якуний шарт “Мустақил вазифа” бўлиб, унда муддатли ҳарбий хизматчилар ўзлари тайёрланган Соҳибқирон Амир Темурнинг ҳаёти ва ижоди, ҳарбий санъатига бағишланган саҳна кўринишлари ва Ватанни мадҳ этувчи шер ва монологлари ҳайъат аъзолари томонидан юқори баҳоланди. 

Ғолиблар Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондонлигининг 1, 2 ва 3 даражали дипломлари ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди. Шунингдек, “Энг зукко иштирокчи” ва “Энг илғор иштирокчи” номинациялари ҳам ўз эгаларига оркестр садолари остида тантанали равишда топширилди.

Мазкур кўрик танлов Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5 та муҳим ташаббуси доирасида муддатли ҳарбий хизматчиларнинг маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш, китоб ўқишга бўлган қизиқиш ва интилишларини қўллаб-қувватлаш, Ватанимиз тарихи, миллий ва умуминсоний қадриятлар, ижтимоий ҳаёт ҳақидаги билимларини янада оширишга хизмат қилади десак муболаға бўлмайди.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech