Президентимиз томонидан 2025 йилда “Туркистон жадидлик ҳаракатининг асосчиси, атоқли адиб ва жамоат арбоби, ношир ва педагог Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори имзоланди. Унга кўра, жойларда мутафаккир ҳаётига оид ижодий учрашув, илмий конференция ва адабий кечалар ўтказилмоқда.
Хусусан, Давлатимиз раҳбарининг қарори ижросини таъминлаш мақсадида Миллий гвардия Маънавият ва маърифат марказида адабий-маърифий тадбир ўтказилди. "Жадидлик ҳаракати асосчиси Маҳмудхўжа Беҳбудий хотираси мангу қалбимизда” мавзусидаги тадбирда Миллий гвардия марказий девони шахсий таркиби ва тизимда ўз йигитлик бурчини адо этаётган муддатли ҳарбий хизматчилар иштирок этишди. Дастлаб мутафаккир адибнинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган ҳужжатли фильм намойиш этилди. Шундан сўнг, Алфраганус университети Филология факультетининг профессори, Филология фанлари доктори Авазов Нормурод Хакимович ва Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи тарихчи бош илмий ходими Ирзаев Бахромжон Шаймаматовичлар томонидан адибнинг миллий озодлик ҳаракати буюк намояндаси сифатида олиб борган илғор ҳаракати, илм-фан, таълим ва тарбия, адабиёт ва санъат, матбуот соҳаларини ривожлантириш, жаҳондаги илғор тараққиёт ютуқларини ўзлаштириш йўлида қилган жасорати ва ислоҳотпарвар қарашларини намоён этадиган маърузалар қилинди.
Тадбир маърифатпарвар буюк жадидлар хотирасига бағишланган қўшиқлардан иборат концерт дастурига уланиб кетди.
Бўлишмоқ: