Жорий йилнинг 7 декабрь Конституция куни арафасида олий ҳарбий таълим муассасалари курсантлари ва Олмазор туман олий таълим муассасалари талабалари ўртасида “Янги ҳаёт учун, янги Ўзбекистон учун” шиори остида 5300 метрга оммавий югуриш мусобақалари ўтказилди. Унинг мақсади курсант ва талабалар орасида жисмоний фаолликни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини оммалаштириш, ёшларнинг ҳар томонлама баркамол ривожланишининг асосий омили сифатида спорт ва таълимни бирлаштиришга қаратилди. Иштирокчилар пойтахтнинг талабалар шаҳарчаси яқинидаги шоҳкўчалар бўйлаб ўз имкониятларини синовдан ўтказдилар. Бугунги кунда ёшлар билан ишлаш муассасалари спорт ва жисмоний чиниқиш инсон ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб бораётганини тобора кўпроқ англамоқдалар. Ёшларда фаол ва соғлом турмуш тарзини рағбатлантирмоқдалар. Бўлиб ўтган оммавий югуриш мусобақасини ҳам ана шундай эътибор самараси дейиш мумкин. Ундаги 5300 метрли мураккаб масофани босиб ўтишда ҳарбий соҳа йигитлари орасида мутлоқ ғолибликни Жамоат хавфсизлиги университети курсанти Руслан Карнилов қўлга киритди. 2-ўрин Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси курсанти Акобир Қиронбоевга насиб этди. 3-ўрин ҳам Жамоат хавфсизлиги университети курсанти Ўктам Мусаевга берилди.
Бўлишмоқ: