Республикамизни жуда мураккаб ва оғир йилларда бошқариб, юртимиз тараққиёти йўлида фидокорона хизмат қилган, ижтимоий ва ижодий фаолияти билан миллий адабиётимиз ва маданиятимиз ривожига катта ҳисса қўшган атоқли давлат арбоби, таниқли ёзувчи Шароф Рашидовнинг ёрқин хотирасини улуғлаш ҳамда таваллудининг 107 йиллиги муносабати билан Миллий гвардия Жиззах вилояти бўйича бошқармаси томонидан ҳарбий хизматчилар ва муддатли ҳарбий хизматчилар учун Жиззах шаҳридаги “Шароф Рашидов уй музейи”га саёҳат ташкил қилинди.
Музейда ҳарбий хизматчилар Шароф Рашидовнинг амалга оширган бунёдкорлик фаолияти, сиёсий ҳаёти ҳақидаги экспозициялар, унинг ҳужжатлари, шахсий нарса-буюмлари, хорижий давлатлар раҳбарларининг совғалари ҳамда оиласига бағишланган экспозиция, ҳужжатлар ва шахсий нарса-буюмлари, китоблари билан яқиндан танишишди. Шунингдек, ёшларни юксак ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ёшларда миллий ва умуминсоний қадрият ва анъаналарга, катта авлод вакилларига ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсадида ҳамда Шароф Рашидов таваллудининг 107 йиллиги муносабати билан Жиззах шаҳридаги Шароф Рашидов уй музейида фахрийлар, ҳарбийлар ва ёшлар иштирокида “Уч авлод учрашуви" ҳам ўтказилди. Учрашувда ёши улуғ фахрийлар, атоқли давлат арбоби, ёзувчи Шароф Рашидов ҳаёти ва ижоди, унинг босиб ўтган йўли, ўзбек халқи учун олиб борган ислоҳотлари, жасорати ва ватанпарварлиги ҳақида, амалга оширган бунёдкорлик фаолияти, унинг буюк давлат ва сиёсат арбоби, юксак истеъдод соҳиби ва ижодкор шахс эканлиги ҳақида сўз юритдилар.
Бўлишмоқ: