Миллий гвардия маънавият ва маърифат марказида тиббиёт ходимлари кунига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди ва унда бир қатор тиббий ходимлар муносиб рағбатлантирилди

Миллий гвардия Маънавият ва маърифат марказида Тиббиёт ходимлари кунига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Миллий гвардия тиббиёт хизмати, Мудофаа ва Ички ишлар вазирликлари, Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда тиббиёт йўналишида мутахассисларни тайёрловчи олий ўқув юртлари вакиллари иштирок этди.

Байрам тадбири Миллий гвардия Тиббиёт бошқармаси бўлинмалари бошлиқларига реанимация ҳамда санитария автомашиналари калитларини топшириш билан бошланди.

Тадбирда Миллий гвардия қўмондони ўринбосари, полковник С.Мамаюсупов йиғилганларни касб байрами билан табриклаб, тиббиёт ходимларининг инсон саломатлиги ва ҳаётини асраб-авайлаш йўлидаги фидокорона меҳнатларини юксак эътироф этди ҳамда тиббиётни ривожлантириш, шифокорлар билим ва малакасини ошириш ғоят муҳим эканлиги таъкидлади. Шунингдек, соҳани такомиллаштиришга қўшилаётган ҳар бир ҳисса пировардда аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш имкониятларини янада кенгайтиришини билдирди.

Шу билан бирга, қўмондон ўринбосари Миллий гвардия тизимида тиббиёт хизмати фаолиятининг ижобий кўрсаткичларига алоҳида тўхталиб ўтди.

Жумладан, Миллий гвардия тизимида санитария-епидемиология хизмати таркибида бактериологик лаборатория ташкил этилиб, ўндан ортиқ замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди, 10 нафар шифокор ва 62 нафар ўрта бўғин тиббиёт ходимлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги ўқув марказларида, уч нафари хорижий етакчи илмий-амалий тиббий олий ўқув юртларида малака оширди.

Жорий йилда ҳарбий хизматчи, ходимлар ва уларнинг 30 мингдан ортиқ оила аъзолари чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Уларнинг етти мингга яқини шифохона ёки амбулатория шароитида малакали даволанди, уч юз нафардан ортиғи санаторий ва дам олиш уйларида саломатлигини мустаҳкамлади.

Бу борада, Миллий гвардия томонидан Меҳрибонлик уйлари ва оила хонадонларида тарбияланаётган болаларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилгани алоҳида эътирофга лойиқ. Хусусан, 2023 йилда олти юздан ортиқ болалар малакали мутахассислар кўригидан ўтказилди, Тошкент шаҳри ва вилоятидан 400 нафардан ортиқ бола Тошкент давлат стоматология институтида стоматологик кўрикдан ўтказилди.

Бундан ташқари, тадбирда Миллий гвардия тиббиёт хизматининг икки нафар ҳарбий хизматчисига “кичик сержант” ҳарбий унвони топширилди.

Шунингдек, Миллий гвардия қўмондони ўринбосари томонидан олти нафар соҳа вакилларига III-даражали “Намунали хизматлари учун”, икки нафарига “Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг фидойи ходими” кўкрак нишонлари, уч нафари қўл соати, тўққиз нафари фахрий ёрлиқ билан тақдирланди.

Тадбир сўнгида Миллий гвардия ашула ва рақс ансамблининг чиқишлари барчага бирдек манзур бўлди. 

11.11.2023
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech